Ру En O'z
23 Октябрь 2022 1318

Шаҳрулло Маҳмудов ва Шерзод Ташматов Андижондаги спорт муассасаларининг фаолияти билан танишди

Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раисининиг ўринбосари Шерзод Ташматов Андижонга ташрифи давомида вилоятдаги спорт муассасаларининг фаолиятини ўрганишди. Мутасаддилар бунда замонавий қиёфа очаётган Андижон Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш марказига эътибор қаратиб, у ерда таҳсил олаётган ўқувчилар учун яратилган шароитлар, таълим жараёни билан танишишди.

Андижон бокс, оғир атлетика, чим устида хоккей каби спорт турларидаги ўзига хос кучли мактаби билан танилган. Жорий йилнинг 23 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш ҳамда мураббийларни тайёрлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселекторда давлатимиз раҳбари бу ҳақида алоҳида тўхталиб, масъулларга тегишли топшириқ берган эди.

Айни пайтда Марказда катта ҳажмдаги реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ш.Маҳмудов ҳамда Ш.Ташматов жараён билан танишар экан, иш видеоселектор йиғилишида таъкидланган вазифаларга қанчалик мос равишда олиб борилаётганига эътибор қаратишди. Мутасаддилар ўқувчи ва мураббийлар билан суҳбатда улар дуч келаётган муаммолар, унинг ечимлари бўйича фикр алмашишди. Шунингдек, Марказга олиб келинаётган спорт инвентарларининг сифатини ҳам кўздан кечиришди.

Шундан сўнг Андижондаги ҳар бир федерация бўлимлари билан учрашув ўтказилди. Унда вилоятда оммавий спорт тарғиботи, селекция ишларини янада кучайтириш, терма жамоаларга кучли захира спортчиларини тайёрлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Text to speech