Ру En O'z
18 Октябрь 2022 1158

Президент қурилиш лойиҳаларининг самарадорлигига эътибор қаратди

Президент Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Улардан биринчиси Олимпия шаҳарчаси ҳақида бўлди. Бу мажмуа 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказишга мўлжалланган. Шунга мувофиқ, халқаро спорт федерациялари талабларига жавоб берадиган олимпия стадиони, ёпиқ ва очиқ мажмуалар, сув спорти ва эшкак эшиш ҳавзалари, машғулот жойлари қурилиши лойиҳалаштирилган.

Бу галги тақдимотда мазкур йирик лойиҳанинг ташкилий-молиявий жиҳатлари кўриб чиқилди. Мутасаддилар бу борада хорижий компанияларнинг таклифлари, қурилиш материаллари ва спорт жиҳозларини етказиб бериш жадваллари ҳақида ахборот берди.

Давлатимиз раҳбари Олимпия шаҳарчасини қуриш билан бирга кейинчалик ундан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

– Аввало, ишларни аниқ режали қилиб, мажмуани сифатли қуриш, Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказиш керак. Яна бир муҳим масала – кейинчалик бу шаҳарчадан қандай фойдаланиш. Шунинг учун мусобақадан сўнг, бу ерни ҳам мураббийлар, ҳам спортчиларни тайёрлайдиган муассасага айлантириш зарур. Маъмурий биноларда Спортни ривожлантириш вазирлиги ва федерацияларни ҳам жойлаштириш мумкин. Шунда бу ерда яхлит спорт муҳити бўлади. Ёшларимиз учун спорт иншоотлари қуриш билан бирга методикани ҳам ривожлантириб бориш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Манба: president.uz

Text to speech