Ру En O'z
17 Октябрь 2022 1347

Жиззахдаги спорт таълим муассасаларининг тиббиёт бўлимлари ҳолати ўрганилди

Маълум қилганимиздек, Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ вилоятлар кесимида Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларидаги тиббиёт бўлимлари ҳолатини ўрганиб чиқмоқда.

Ишчи гуруҳ бу гал Жиззах вилоятига ташриф буюриб, вилоят Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг ҳолати билан танишди. Маълумки, ушбу муассаса жорий ўқув йили олдидан қайта реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа очган. Мутасаддилар ташриф давомида Марказнинг тиббиёт бўлими ҳолати ва у ердаги мутахассисларнинг иш фаолияти билан танишишди. Уларга янги таъмирдан чиққан тиббиёт бўлими фаолиятини ташкил этиш борасида таклиф ва тавсиялар берилди. Жиззах Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази раҳбари Хуршид Атакулов РСТИАМ билан мазкур йўналишда амалий ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Жиззах вилояти Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тиббиёт бўлими ходимлари билан учрашиб, иш фаолияти давомида уларга қийинчилик туғдираётган масалалар юзасидан суҳбат уюштирди. Ўз навбатида, РСТИАМ директори Камол Сирожитдинов ҳам вилоят спорт тиббиёти вакиллари билан яқиндан иш олиб бориш ҳар тарафлама фойдали эканлигини айтиб, Марказ бу йўналишда мутахассисларга амалий-методик ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Text to speech