Ру En O'z
5 Октябрь 2022 1362

Жаҳон чемпионатидан олдин ўтган халқаро иқтисодий форум ҳамкорлик алоқалари сари янги йўл очди

Пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Тошкентда ўтадиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати арафасида халқаро иқтисодий форум бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг мутасадди раҳбарлари, шунингдек, Мариус Визер бошчилигидаги Халқаро дзюдо федерацияси мутасаддилари, мусобақанинг фахрий меҳмонлари ва спорт соҳасида фаолият олиб борадиган таниқли ишбилармонлар қатнашди.

Тадбир давомида дзюдо спортининг бутун дунёдаги тарғиботини янада кучайтириш, унга инвестиция киритиш, халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш каби мавзуларда лойиҳалар кўриб чиқилди. Хусусан, бир қатор ташкилотлар ўртасида кечган ижобий музокаралардан сўнг ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Учрашувда банк, молия, технология ва IT соҳасидаги ҳамкорлик мавзулари ҳам кун тартибидан ўрин эгаллади. Бундан ташқари, хорижий ишбилармонлар ҳукуматимиз вакиллари билан Ўзбекистонга сармоя киритиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Форумда Ўзбекистонда 2030 йилга келиб қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш кўламини қарийб 30 фоизга ошириш режалаштирилаётгани айтилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг эътиборлари бутун дунёда жадал ривожланаётган рақамли технологияларга қаратилди. Таъкидланишича, бу соҳада ҳар бир мамлакатнинг рақобатбардошлиги инновациялар ва тўғридан-тўғри ахборот технологияларининг жорий этилишига боғлиқ бўлади. Форум доирасида B2B ва В2G учрашувлари бўлиб ўтди. Қолаверса, I-Cell компанияси ва Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Text to speech