Ру En O'z
3 Октябрь 2022 1329

Япония МОҚ президенти билан ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди

6-13 октябрь кунлари Тошкентда ўтадиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг фахрий меҳмонларидан бири, Япония Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Бутуняпон дзюдо федерацияси президенти жаноб Ясухира Ямашита Ўзбекистон МОҚга ташриф буюрди. Меҳмонни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов қарши олишди.

Жаноб Ямашита даставвал Ўзбекистон МОҚ фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мавзусида учрашув ўтказишди. Унда ўзбек ва япон спортидаги дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш, йирик мусобақалар, хусусан, Осиё ва Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларига тайёргарлик доирасида ҳар икки мамлакат терма жамоалари иштирокида ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш, спорт тиббиёти йўналишида сўнгги ютуқларни улашиш каби мавзуларда фикр алмашилди.

Мартабали меҳмон мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига олиб борилаётган тайёргарликни юқори баҳолади. Шунингдек, у учрашувда муҳокама қилинган мавзулар бўйича ҳамкорликдан мамнун эканини билдирди. Ўз навбатида, ўзбек дзюдочилари ҳақида илиқ фикрларини билдириб, спортчиларимизга бўлажак мусобақада омад тилади. Ташриф давомида жаноб Ямашита МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг фаолияти билан ҳам танишди.

Куннинг иккинчи ярмида мартабали меҳмон Спортни ривожлантириш вазирлигида ҳам бўлди. У ерда жаноб Ямашитани Вазир Адҳам Икрамов қабул қилди.

Text to speech