Ру En O'z
22 Сентябрь 2022 371

Осиёнинг энг кучли сузувчилари Самарқандда жам бўлишди

Бугун диёримизда очиқ ҳавзада сузиш бўйича Осиё чемпионати старт олади. Самарқанд мезбонлигида ўтаётган X қитъа биринчилигининг илк кунида эркаклар ва аёллар ўртасида 5 км масофага ўтказиладиган баҳсларга гувоҳ бўламиз.

Айни дақиқаларда Самарқандда мусобақанинг тантанали очилиш маросими давом этмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобулов, Осиё сузиш конфедерацияси Бош котиби Таха Ал Кишри иштирок этишяпти. Тан олиш лозим, мазкур мусобақага кўрилган тайёргарлик, яратилган инфратузилма, меҳмонлар учун муҳайё этилган шароитлар мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Буни очилиш маросимида сўзга чиққанлар ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Бугунги беллашувларда Абдужалил Абдуғаниев, Вячеслав Шкретов ва Никита Корнилов эркаклар ўртасида, Паризода Искандарова, Анастасия Зелинская ҳамда Муслима Жумабоева аёллар баҳсида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Ҳозирда спортчилар чигал ёзиш машқларини олиб боришмоқда. Мусобақалар соат 10:00 дан старт олади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech