Ру En O'z
21 Сентябрь 2022 1082

РСТИАМ мутасаддилари вилоятларда ўрганиш ишларини олиб боришмоқда

МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) ҳудудлардаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида спортчиларга тиббий хизмат кўрсатиш ишларини ўрганиш бўйича иш бошлади. Марказ директори Камол Сирожитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ дастлаб Андижон вилоятида бўлди.

Андижон давлат тиббиёт институтига (АДТИ) ташриф чоғида ушбу муассаса билан спорт тиббиёти таълимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Суҳбатда РСТИАМ ва АДТИ ўртасида илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, спорт тиббиёти соҳасида илмий-инновацион ёндашувларни яратиш юзасидан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолаш келишувига эришилди.

Шундан сўнг мутасаддилар вилоятдаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг тиббиёт ходимлари, талабалар ва ўқитувчилар иштирокидаги йиғилишда қатнашдилар. Унда РСТИАМ спорт тиббиётини ривожлантириш ва талабаларнинг айни шу соҳада кучли таълим олишига ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Кун давомида РСТИАМ вакиллари Андижон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб, у ердаги қурилиш ишлари ҳамда тиббиёт бўлими учун ажратилган жой билан танишишди ҳамда унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдиришди. Ишчи гуруҳнинг келгуси ташрифи Фарғона ва Наманган вилоятларига режалаштирилган.

Text to speech