Ру En O'z
6 Сентябрь 2022 1102

Ўзбекистон дзюдо федерацияси жаҳон чемпионатларида тарихий натижа кўрсатган ёш спортчиларни мукофотлади

Яқинда дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари мос равишда Босния ва Герцеговина ҳамда Эквадорда ўтказилган жаҳон чемпионатларида муносиб тарзда қатнашиб, тарихий натижа билан юртимизга қайтиб келишган эди. Ёш дзюдочиларимиз Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланишди.

Тадбирда МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, спортчиларимиз ва уларнинг яқинлари иштирок этиши.

Эслатиб ўтамиз, Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги ўсмирларимиз дунё биринчилигида 1 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида дунёнинг 60 давлати орасида 4-ўринни эгаллади. Жамоавий микст баҳсларида эса илк бор бронза медали қўлга киритилган.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси эса Эквадор давлати мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан жой олган.

Федерация раҳбарияти маросимда спортчи ва мураббийлардан ташқари шифокор ҳамда массажчиларни эътибордан четда қолдирмай, уларни ҳам пул мукофотлари билан тақдирлади.

Text to speech