Ру En O'z
26 Август 2022 1144

Жаҳон чемпионатига 40 кун қолди. Тайёргарлик қандай кетмоқда?

Маълумки, пойтахтимиз 6-13 октябрь кунлари дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган ушбу нуфузли мусобақа юқори даражадаги тайёргарликни талаб этади. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида йилнинг энг муҳим тадбирига кўрилаётган ҳозирлик муҳокама қилинди.

Унда МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов бошчилигидаги федерация мутасаддилари, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва Қўмита ходимдари иштирок этди.

Даставвал мусобақанинг тантанали очилиш маросими, унинг атрофида ўтказиладиган тадбирларнинг бадиий қисмига тайёргарлик жараёни кўриб чиқилди. Шу ўринда мухлислар учун бир кичик сирни очиб ўтсак. Тадбирлар барчанинг хотирасида унутилмас воқелик сифатида сақланиб қолиниши учун катта ижодий жамоа иш олиб бормоқда. Концерт қисмида ўзбек ва жаҳон эстрадасининг таниқли вакиллари мухлисларга кўтаринки кайфият улашиш учун хизмат қилишади.

Жаҳон чемпионатига 110 дан зиёд мамлакатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда. Шубҳасиз, бундай катта масштабдаги ташриф буюрувчилар билан транспорт-логистика, маиший хизмат кўрсатиш каби йўналишлар бўйича ҳам алоҳида ишлаш талаб этилади. Йиғилиш давомида мутасаддилар Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар, хорижий ОАВ ходимлари учун ажратилган меҳмонхоналар, уларга яратиладиган шароитлар хусусида батафсил маълумот беришди.

Азизжон Камилов давлатимиз мана шундай нуфузли мусобақанинг ташкил этилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган экан, уни юқори савияда ўтказиш лозимлиги, бу мамлакатимиз имижини бутун дунёга кўрсатиш учун ажойиб имкониятлигини эслатиб, барча масъуллардан ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишни сўради. Шунингдек, федерация шифокорларига спортчиларимизнинг саломатлигини, овқатланиш рационини қаттиқ назоратга олиш бўйича алоҳида кўрсатма берди.

Тадбир давомида мусобақани катта ҳажмда ёритиш, нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлардаги дзюдо мухлисларини ўзига хос спорт байрамига жалб қилиш, кўркам “Ҳумо арена” атрофида миллий ҳунармандчилик бурчакларини ташкил этиш каби масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, иш жараёнини янада кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Text to speech