Ру En O'z
26 Август 2022 1153

Юртимизда илк бор Осиёнинг 14 мамлакати мутахассислари учун семинар ташкил этилади

Осиё Олимпия кенгаши (ООК) ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида катта масштабдаги ўқув семинарлари ташкил этилмоқда. Ноябрь ойида бўлиб ўтадиган тадбирда Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг 14 давлатидан ташриф буюрадиган мураббий ва ҳакамлар иштирок этишади.

Шу кунларда семинарнинг ташкилий жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида ООК мутасаддилари пойтахтимизда меҳмон бўлиб туришибди. Бугун МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов меҳмонларни қабул қилиб, тадбирни юқори савияда ўтказиш масалалари бўйича суҳбатлашди.

Ойбек Омилович учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда Олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталиб, бу каби семинарлар халқаро тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлишини таъкидлади.

Режага мувофиқ, ўқув курслари дзюдо, оғир атлетика, бокс, сузиш ва спорт курашлари бўйича ўтказилади. Дарсларда тингловчиларга юқорида санаб ўтилган спорт турларининг халқаро федерациясидан катта тажрибага эга экспертлар жалб этилади. Мутахассислар 5 кун мобайнида тренерлар учун спортчиларни йирик мусобақаларга тайёрлашдаги замонавий методика, ҳакамлар учун ҳар бир спорт туридаги қоидаларга киритилган сўнги ўзгаришлар ҳақида ўз билимларини беришади.

Бу лойиҳа ООК томонидан иккинчи бор ўтказилмоқда. Дастлабки семинар Ғарбий Осиё минтақаси вакиллари учун Қувайтда ташкил этилган бўлиб, Тошкентда 2 минтақанинг 14 давлати иштирокида бўлиб ўтадиган курсда 300 нафарга яқин мутахассис қатнашиши кутилмоқда. Суҳбат давомида меҳмонларни кутиб олиш, виза, транспорт-логистика тизимида уларга барча қулайликларни яратиш бўйича атрофлича фикрлар билдирилди.

Text to speech