Ру En O'z
20 Август 2022 1496

Янги Ўзбекистоннинг музаффар спортчилари тантанали кутиб олинди

Бугун Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган V Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси пойтахтимизда тантанали кутиб олинди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг 3-терминалида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, ўзбек спортининг катта оиласи, атлетларимизнинг яқинлари иштирок этишди.

Тадбирда аввалида Шерзод Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг музаффар спортчиларимизга йўллаган табригини, шунингдек, "Конья шаҳрида (Туркия) бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тўғрисида"ги Президент қарорини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг Абдулла Арипов сўз олиб, Ўзбекистон делегациясининг ортда қолган мусобақада эришган муваффақияти билан қутлади ва ўзбек спорти Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик борасида тўғри йўлдан кетаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, спортчиларимиздан дзюдо бўйича мусобақа ғолиби Музаффар Тўрабоев ҳамда енгил атлетика баҳсларида чемпион бўлган Шарифа Давронова, тренерлар номидан оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Мендибоев сўзга чиқиб, ушбу ғалабалар замирида муҳтарам юртбошимиз ва давлатимизнинг спортга қаратаётган эътибори тургани ҳақида тўхталиб, келгусида ҳам билдирилган ишончни оқлаган ҳолда халқаро майдонда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда беришди.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, шунингдек, ўзбек эстрадасининг таниқли вакиллари ўз ижодлари билан тадбирга кўтаринки кайфият улашишди. Шунинг билан делегациямиз вакиллари ажратилган махсус автобусларга ўтириб, пойтахтимизнинг марказий кўчалари бўйлаб Миллий Олимпия қўмитасига йўл олди. Сайрда ҳамшаҳарларимиз ҳам спортчиларимизни қутлаб туришди.

Миллий Олимпия қўмитасида ўтган тадбирнинг иккинчи қисмида расмийлар делегациямизнинг эришган ғалабасини яна бир карра мадҳ этишди ва спортчиларимиз муваффақияти шарафига мушакбозлик ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, Конья-2021 V Ислом бирдамлиги ўйинларида 56 та давлатдан 4200 нафар спортчи иштирок этиб, унда делегациямиз 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза, жами 158 та медаль билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг иккинчи ўринни эгаллади ва комплекс мусобақаларда ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech