Ру En O'z
17 Август 2022 1617

Ислом бирдамлиги ўйинларида ўзбек оғир атлетикасига барча тан берди

Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинлари ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очмоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтиши лозим бўлган XIX ёзги Осиё ўйинларининг бир йилга кечиктирилиши V Ислом бирдамлиги ўйинларини йилнинг энг муҳим стартига айлантирди ва барча спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз унга жиддий тайёргарлик кўришди. Буни мусобақада қайд этилаётган натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Деярли барча спорт турларида вакилларимиз медалларга сазовор бўлишмоқда.

Шу кунгача якунига етган мусобақаларнинг аксариятида (ҳозирча спортнинг ўйин турлари бундан мустасно) вакилларимиз ҳеч бўлмаганда битта медаль қўлга киритишаётгани таҳсинга лойиқ. Бу борада сўз кетганида, мамлакатимиз спорт делегацияси ғазнасига салмоқли улуш қўшган спорт курашлари, енгил атлетика, таэквондо WT, велоспорт (трек ва шоссе йўналишларида), дзюдо (ҳали беллашувлар давом этяпти), бадиий гимнастика, пара сузиш сингари турларни мисол келтириш мумкин.

Бироқ, улар орасида оғир атлетика спорт турини алоҳида эътироф этишимиз жоиз. Улар мусобақа давомида тўлиқ таркибда (8 нафар эркак ва уч нафар аёл) ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишди. Энг ҳайратланарлиси, атлетларимиз делегациямиз жамғармасига нақд 15 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза, жами 24 та медаль қўшиб қўйишди. Ушбу натижаси эвазига оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Ислом бирдамлиги ўйинларида ушбу спортда ўз ўрнига эга Туркия, Эрон, Индонезия каби жамоаларни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.

Айнан оғир атлетика спортида қўлга киритилган медаллар бизни умумжамоа ҳисобида нафақат Осиё, балки жаҳонда ҳам ўз ўрнига эга давлат Эрон терма жамоасини қувиб ўтишимизда муҳим омил бўлди. Бундан ҳам қувонарли жиҳати, аксарият спортчиларимиз Ислом бирдамлиги ўйинлари ҳамда шахсий рекордларини янгилашди.

Эътирофга молик яна бир жиҳат, ўзбек оғир атлетикасида муносиб издошларнинг етишиб чиқаётганлигидир. Аслида, ҳозирги таркибда ҳам ёши ўтиб қолган спортчилар йўқ. Ҳатто терма жамоа фахрийси саналган Руслан Нуриддинов ҳам 30 ёшда. Насиб қилса, у ҳали Париж Олимпиадасида ҳам иштирок эта олади.

Аммо у ва жамоадаги бошқа катта ёшли спортчиларга муносиб издошлар сифатида ушбу ўйинларда ўзларини намоён этган Сарварбек Зафаржонов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Шарофиддин Амриддинов, қизларимиздан Нигора Сувонова, рекордчи спортчимиз Турсуной Жабборова (Ригина Адашбаева гарчи оғир атлетика спортида янги ном бўлса-да, у катта спортда анчадан бери фаолият олиб боради) каби умидли ёшларимиз яқин келажакда ўзбек оғир атлетикасини янада янги марралар сари етаклашига асло шубҳа йўқ.

Text to speech