Ру En O'z
3 Август 2022 1315

Шерзод Ташматов таэквондо ва велоспорт бўйича терма жамоамиз вакиллари билан учрашди

Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбари Шерзод Ташматов айни пайтда Конья шаҳрида бўлиб турган таэквондо ва велоспорт бўйича терма жамоаларимиз базасига ташриф буюриб, уларнинг шароитларини яқиндан ўрганди.

Дастлаб таэквондо бўйича спортчи ва мураббийлар штаби билан йиғилиш ўтказилди. Унда Шерзод Рихсибаевич ҳар бир жамоа вакили билан бирма бир суҳбатлашиб, уларнинг мусобақага олиб борган тайёргарлиги билан танишди. Сўз ўрнида бўлажак у Ислом бирдамлиги ўйинларининг аҳамияти, олдинга қўйилган вазифалар хусусида тўхталиб, барчадан беллашувлар давомида бор куч ва имкониятларини ишга солишларини сўради. Шунингдек, мусобақага тайёргарлик кўриш учун давлатимиз томонидан яратиб берилган шароитлар ҳақида тўхталар экан, бунга муносиб равишда юртимизга чиройли ғалабалар билан қайтиш зарурлигини таъкидлади.

Куннинг иккинчи ярмида МОҚ раиси ўринбосари велотрек базасида терма жамоамизнинг машғулотларини кузатди. Жараён давомида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев ҳамда бош мураббий Глеб Гройсман билан спортчиларимизнинг тайёргарлиги, руҳий ва жисмоний ҳолати ҳақида суҳбатлашди. Эслатиб ўтамиз, мусобақа доирасида дастлаб велотрек бўйича терма жамоамиз 5 августдан баҳсларга киришади.

Ҳар икки учрашув давомида Шерзод Ташматов мутасаддиларга атлетларимизнинг керакли натижаларга эришишлари учун барча керакли шароитларни яратиб бериш, уларнинг саломатлигини қаттиқ назорат қилиш бўйича керакли тавсияларни бериб ўтди.

Text to speech