Ру En O'z
29 Июль 2022 1521

IKA президенти билан курашнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди

Бугун, 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов шу кунларда амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Халқаро Кураш ассоциацияси (IKA) президенти, Осиё Олимпия Кенгашининг Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармонни қабул қилди. Шунингдек, мазкур учрашувда Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов ва бошқа масъул ходимлар иштирок этишди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Халқаро Кураш ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, турли мамлакатларда фаолият кўрсатаётган мураббийлар ва ҳакамлар, қолаверса спортчилар ўртасида тажриба алмашиш имкониятини яратиш, халқаро нуфузли мусобақаларни ташкил этишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Дарҳақиқат, кураш асрлар давомида ўзбек халқининг энг оммавий ва севимли миллий ўйинлари қаторида эъзозлаб келинган. Ушбу спорт яккакурашнинг қадимий тури бўлиб, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, унинг ёши уч ярим минг йилга бориб тақалади.

IKA президенти томонидан кураш спорт турининг халқаро майдондаги ривожи, ўтказилаётган нуфузли мусобақалар, қитъавий ўйинларда иштироки ва жорий йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган қитъа ва жаҳон чемпионатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидлаш лозим, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида курашнинг халқаро ривожи борасида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 17-21 март кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати ва Осиё-Океания Кураш конфедерациясининг навбатдаги Конгресси бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли чемпионатда қитъамизнинг 24 та давлатидан 200 нафардан зиёд сара полвонлар ғолиблик учун гиламга тушди.

24-27 март кунлари Халқаро Кураш институти билан ҳамкорликда Италиянинг Рим шаҳрида Европа кураш конфедерациясига аъзо мамлакатларнинг кураш мураббийлари учун халқаро семинар ташкил этилди. Унда 10 га яқин мамлакатдан 90 нафар мураббий иштирок этди.

28-30 март кунлари Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида IKА Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида курашнинг олдида турган кўплаб масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши ҳамда ассоциация раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан кураш спорти Осиё ўйинларининг барча дастурларидан расман ўрин эгаллади.

Шу билан бирга, Спортни ривожлантириш вазири ҳам ватани Ўзбекистон бўлган курашнинг айни кунларда дунё миқёсида обрўси ортиб бораётгани қувонарли ҳол эканлигини таъкидлаб, бугунги кунда Халқаро Кураш ассоциацияси таркибига 130 дан зиёд давлатлар миллий федерациялари аъзо бўлиб кирганлиги ва фаолият юритаётганлиги курашнинг нуфузи қай даражада ортиб бораётганининг яққол ифодаси эканлигини маълум қилди.

Қайд этиш лозим, 2020 йил 4 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Мазкур ҳужжат кураш спортининг ривожи йўлида янги даврни бошлаб берди. Қарор асосида IKA ва унинг таркибидаги миллий федерацияларни қўллаб-қувватлаш, профессионал курашчи ва мутахассисларни тайёрлаш, кураш спортини янада оммалаштириш, Республика ва халқаро медиа майдонда кенг тарғиб қилиш, келажакда курашни Олимпия ўйинлари дастурига киритиш борасида манзилли чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Учрашувдан сўнг Миллий Олимпия қўмитасида мутасаддилар иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. 20 нафардан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган анжуманда келгусида Халқаро кураш ассоциацияси томонидан ташкил этиладиган нуфузли мусобақалар ва бу борада Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан йўлга қўйиладиган ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, анжуманда ўзаро ҳамкорликда кураш спортини дунёда янада оммалаштириш, гендертенглик асосида гуманизм ғоялари сингдирилган миллий спортимизни хотин-қизлар ўртасида ҳам ривожлантириш, халқаро спорт ташкилотлари билан ўзаро дўстона алоқаларни кучайтириш ва энг олий мақсад, курашни Олимпия ўйинлари дастурига киритиш эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Матбуот анжуманида яна бир муҳим воқелик – Халқаро кураш ассоциацияси томонидан ҳар ойда инглиз тилида чоп этиладиган “Кураш” журнали ҳамда кураш спорт турининг ягона тартиб қоидаларига бағишланган китоб тақдимоти ҳам ўтказилди.

IKA президенти яна бир неча кун давомида мамлакатимизда бўлади ва ташриф доирасида қатор муҳим учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Text to speech