Ру En O'z
16 Апрель 2021 1825

Осиё чемпионати кумуш ва бронза медаллари билан бошланди

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида спорт курашлари бўйича лицензион турнир якунига етгач Осиё чемпионатига старт берилди. Регламентга кўра, бугун мусобақани юнон-рум кураши усталари бошлаб беришди.

Қувонарлиси, ушбу кун дастурида терма жамоамиз 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. -55 кг вазн тоифасида Нанкин-2014 ўсмирлар Олимпиадаси чемпиони Илҳомжон Баҳромов финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи беллашувда юртдошимиз япониялик Ю Шиотанига имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаль билан тақдирланди.

Шунингдек, -87 кг вазнда Токио-2020 лицензиати Рустам Ассакалов ярим финалгача етиб борди. Эронлик рақибига имкониятни бой бергач спортчимиз бронза медали учун гиламга чиқди. Ушбу босқичда у мусобақа мезбонларидан бири Нурсултан Турсиновдан устун келди. 130 кг вазн тоифасида кечган бронза медали учун курашда эса Суҳроб Фаттоев қирғизистонлик Мурат Рамонов тўсиғидан ўта олмади.

Бугун курашган вакилларимиздан Элмурат Тасмурадов (-63 кг) ҳамда Билан Налгиев (-77 кг) чорак финалда ўз иштирокларини якунладилар.

Text to speech