Ру En O'z
16 Июнь 2022 1373

Конья-2021: Мусобақада қайси жамоавий спорт турларида қатнашамиз?

Яна саноқли кунлардан сўнг Туркиянинг Конья шаҳрида Ислом бирдамлиги ўйинлари старт олади. Ташкилий қўмита Ўйинларнинг регламенти ва мусобақада иштирок эта оладиган жамоалардан келиб тушган талабномалар бўйича ҳар бир дастурда қатнашадиган давлатлар номини эълон қилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ўтган йили Токио-2020 Олимпия ўйинларидан қайтиб келган делегациямизни қабул қилар экан, келгуси Олимпиадаларда жамоавий дастурларда ҳам лицензия қўлга киритиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Спортни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда бу йўналишдаги ишларни бошлаб юборган бўлиб, Ислом бирдамлиги ўйинларида жамоавий дастурда қатнашадиган 2 та терма жамоамиз мазкур ҳаракатнинг амалий натижаси дейиш мумкин.

Бўлажак мусобақада ҳамюртларимиз гандбол ва 3х3 баскетбол бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда медаллар учун кураш олиб боришади. Комплекс мусобақа қоидаларига кўра, жамоавий спорт турларида ажратилган квоталар бўйича жаҳон рейтингидаги мос давлатлар танлаб олинади. Шу боис гандбол ва 3х3 баскетбол бўйича эркаклар, шунингдек, волейбол ҳамда футбол бўйича ҳам эркаклар, ҳам аёллар жамоаларимиз керакли рейтинг поғоналарига кира олмагани учун бу йилги Ислом бирдамлиги ўйинларида қатнаша олмайди. Қуръа ташлаш маросими 3 июль куни бўлиб ўтади.

Маълумот учун, бир йилга кечиктирилган мазкур V Ислом бирдамлиги ўйинлари 9-18 август кунлари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон делегацияси 23 спорт турида 270 га яқин атлет билан қатнашиши режалаштирилган.

Text to speech