Ру En O'z
10 Май 2022 1044

Алисэ Фахрутдинова Жаҳон кубогида ярим финалга йўл олди

Шу кунларда Болгариянинг Албена шаҳрида замонавий бешкураш бўйича Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда аёллар ўртасидаги баҳсларда иштирок этаётган ҳамюртимиз Алисэ Фахрутдинова саралашдан муваффақиятли ўтиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Мусобақа 10-15 май кунлари бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 24 мамлакатидан ташриф буюрган спортчи иштирок этмоқда. Бугун регламент бўйича саралаш баҳслари ўтказилди. Юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Токио-2020 иштирокчиси Алисэ Фахрутдинова юқори натижа қайд этиб, ярим финалга йўл олди.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, Алисэ сузиш баҳсларида 12-натижа билан 271 очко жамғарди. Қиличбозлик дастури эса ҳамюртимизнинг бенефисига айланиб кетди. 19 ғалаба ва 4 мағлубият (271 очко) билан Фахрутдинова қиличбозликдаги энг яхши натижани кўрсатиб, лазер-ран баҳслари олдидан қулай позицияга жойлашиб олди. Якунда мазкур дастурда учинчи натижа қайд этган Фахрутдинова ўз гуруҳида 1045 очко билан кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилди.

Ярим финал баҳслари 11-12 май кунлари бўлиб ўтади. Бўлажак баҳсларда спортчимизга омад тилаб қоламиз.

Text to speech