Ру En O'z
15 Март 2022 1457

Мираброр Усмоновни хотирлаб

2019 йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияси собиқ президенти Мираброр Зуфарович Усмонов 71 ёшида вафот этган эди. Бугун ушбу санага 3 йил тўлди.

Мираброр Зуфарович 2006-2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари сифатида, 2013-2017 йилларда Миллий Олимпия қўмитаси, 2015-2018 йиллар давомида эса Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти сифатида самарали фаолият олиб борди.

Унинг раҳбарлик йилларида миллий спортимиз, хусусан футбол Осиё қитъасида ўз обрў ва эътиборига эга бўлди. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоалари 5 бора Жаҳон чемпионатларида иштирок этишга муваффақ бўлди. Қолаверса, мамлакатимиз турли ёш тоифаларида 5 та Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Шунингдек, Мираброр Усмонов ташаббуси билан юртимизда мавжуд инфратузилма яхшиланди, бир нечта стадионлар, спорт иншоотлари барпо этилди.

Ўзбекистон делегациясининг Олимпия ўйинларида қайд этган энг юқори натижаси ҳам бевосита Мираброр Зуфарович раҳбарлиги даврида қайд этилди. Рио-де-Жанейрода қўлга киритилган 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медаллари биз учун Олимпиадалардаги энг яхши натижа бўлиб турибди.

Мираброр Усмонов юрт равнақи, мамлакатимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун «Дўстлик», “Фидокорона хизматлари учун”, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвони билан тақдирланган. Шунингдек, унга Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA)нинг “Хизматлари учун” ордени ҳамда Осиё Олимпия Кенгаши (ОСА)нинг “Олтин ордени” тантанали вазиятда топширилган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, мамлакатимиз Олимпия оиласи ва кенг спорт жамоатчилиги ўзбек халқининг чин маънодаги фидойи фарзанди Мираброр Зуфарович Усмоновнинг миллатимиз спорти ривожи йўлида амалга оширган улкан хизматларини асло унутмайди.

Text to speech