Ру En O'z
8 Март 2022 1733

Спортни ривожлантириш вазири Ўзбекистон дзюдо федерациясига ташриф буюрди

Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов Ўзбекистон дзюдо федерациясида бўлиб, у ерда йўлга қўйилган ишлар билан яқиндан танишди. Унга ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамроҳлик қилишди. Меҳмонларни МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов бошчилигидаги жамоа қарши олди, дея хабар бермоқда федерация матбуот хизмати.

«Ҳурматли Президентимиз спортимизни янада ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш йўлида бизга ишонч билдирдилар. Биз Сизлар билан ушбу ишончни оқлашга, бир жамоа бўлиб фаолият олиб боришга бел боғлаганмиз. Давлатимиз раҳбари оммавий спортни ривожлантириш, кучли селекцияни йўлга қўйиш, олий спорт ютуқлари нуфузини ошириш каби муҳим йўналишлар бўйича кўрсатма берганлар. Шубҳасиз, бундай ишларни бажаришда аҳил жамоа бўлишимиз лозим. Мен федерациялар билан танишишни бежиз дзюдодан бошламадим. Деярли барча Олимпиадаларда бу спорт тури мамлакатимизга медаль тақдим этиб келган. Олдимизда йилнинг энг муҳим мусобақаси - Осиё ўйинлари бор. Қолаверса, бу йил Ўзбекистон илк бор дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Ана шу мусобақаларга барчамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда жиддий тайёргарлик кўришимиз керак», – деди Адҳам Икрамов.

Вазир федерацияда фаолият юритаётган шифокор, диетолог ва массажчиларимиз билан алоҳида суҳбат қурди. Уларнинг дзюдочилар эришажак ғалабаларда ҳиссаси улкан бўлишини, буни ҳис қилган ҳолда ҳамиша ишга астойдил ёндашишлари кераклигини таъкидлади.

«Мен Олимпия қўмитасидаги йиғилишда ҳам айтдим ва яна такрорлайман, биз федерацияларимизга «нима берасан?» деган савол беришдан аввал «нима керак?» деб мурожаат қилишимиз лозим. Уларнинг барча муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топганимиздан сўнггина натижа талаб қилишимиз мумкин», – дея қўшимча қилди Спортни ривожлантириш вазири.

Адҳам Икромов федерацияга ташрифи давомида ҳар бир йўналишдаги мутахассислар билан алоҳида суҳбатлашди. Муаммо ва камчиликлар ҳақида сўради. Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда юртимизнинг барча ҳудудларида дзюдо мактабларининг қурилиши ва уларнинг ёш спортчилар ихтиёрига топширилиш жараёнига ижобий баҳо берди. Селекция жараёнини жонлантириш йўлида бу ихтисослаштирилган мактаблар катта аҳамиятга эга эканини урғулади.

Text to speech