Ру En O'z
16 Февраль 2022 3071

Ўзбекистон делегациясининг Пекин-2022 қишки Олимпиадасидаги иштироки якунланди

Пекин шаҳрида XXIV қишки Олимпия ўйинлари ўз якунига етиб бормоқда. Бугун унда иштирок этган Ўзбекистон делегациясининг чиқиши ниҳоясига етди.

Бу Олимпиадада юртимиз шарафини тоғ чанғичимиз Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилди. Комилжон унда гигант слалом ва слалом дастурларида иштирок этди. Айтиш мумкинки, гигант слалом ҳамюртимиз учун омадли келди. 87 спортчи старт олган ушбу дастурда спортчимиз 29-натижага эришди, 46 чанғичи финишга кела олмади. Бу унинг учун нафақат фаолиятидаги, балки Осиё ва МДҲ вакиллари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, бу қишки Олимпиадаларда гигант слалом дастурида ҳамюртларимиз қайд этган энг яхши натижа бўлди.

Афсуски, техник жиҳатдан жуда мураккаб ҳисобланган слалом дастури омадсиз якунланди. Финишга бир неча метрлар қолганида Тўхтаев дарвозалардан ўтишда хатога йўл қўйди ва дисквалификация қилинди. Шундай бўлса ҳам, бу Олимпиада орқали Комилжон келгуси фаолияти учун улкан тажриба тўплади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия Олимпия қўмитаси Комилжон Тўхтаевнинг келгуси фаолиятида омад ва зафарлар тилаб қолади. Унинг қўлга киритган йўлланмаси орқали ушбу Олимпиадада иштирок этган 91 мамлакат орасида Ўзбекистон номи тилга олинади.

Text to speech