Ру En O'z
10 Февраль 2022 719

Хоразмда “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг финал босқичи давом эттирилади

Маълумки, “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг республика финал босқичи 12 та спорт тури бўйича ўтказилмоқда. Эртага Хоразмда “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг республика финал босқичи навбатдаги турнири старт олади.

Бироз муддат танаффусдан сўнг яна қайтаётган ушбу спорт мусобақасида академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт тури ҳисобланмиш волейбол бўйича ғолиблик учун курашишади. Уч кун давом этадиган мусобақаларда барча ҳудудлардан ғолиб сифатида ташриф буюрган қизлар республиканинг энг кучли жамоаси номини аниқлаш учун майдонга чиқишади.

Маълумот учун, 2021 йилнинг декабрь ойидан бошлаб “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг республика финал босқичига старт берилган эди. Ортда қолган вақт давомида мусобақа дастуридан ўрин олган 3 та спорт тури бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.

Якунига етган 3 та мусобақадан сўнг, якуний жадвални бухоролик спортчилар 41 очко билан бошқариб туришибди. Жадвалнинг иккинчи ўринидан 36 очко билан Хоразм вилояти вакиллари жой олган бўлса, учинчи ўринни бир йўла икки ҳудуд: Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилояти спортчилари ҳозирча бир хил 33 очко жамғарган ҳолда эгаллаб турибди.

Text to speech