Ру En O'z
16 Апрель 2021 2162

Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги старт олмоқда

Эртага пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги серияларидан бири старт олади. Аҳамиятлиси, ушбу мусобақа Токио-2020 Олимпия ўйинларига лицензион очко берувчи 4 босқичдан биридир.

Унда қатнашиши режалаштирилган давлатлар сони – 33 та, спортчилар сони тахминан 100 нафарни ташкил этиши кутилмоқда. Халқаро гимнастика федерациясининг Олимпия ўйинларига ишлаб чиққан саралаш тизимига кўра, яқин вақт ичида бўлиб ўтадиган 4 та Жаҳон кубоги босқичи якуни бўйича яккалик йўналишда Олимпиада йўлланмалари ўйналади. Тошкент мунтазам равишда Жаҳон кубоги босқичларини қабул қилиб келган. Табиийки, бу йилги мусобақанинг нуфузи аввалгиларидан ўзгача. Регламентга кўра, ҳар бир мамлакат ушбу 4 босқич учун яккалик йўналишида 2 нафар спортчисини рўйхатга киритиши мумкин. Бу борада жамоамиз шарафини Екатерина Фетисова ҳамда Сабина Ташкенбаева ҳимоя қилишини айтиб ўтиш ўринли. Жаҳон кубоги босқичлари қуйидаги саналарда бўлиб ўтади:

1. 26-28 март, София (Болгария)
2. 16-18 апрель, Тошкент (Ўзбекистон)
3. 7-9 май, Боку (Озарбайжон)
4. 28-30 май, Песаро (Италия)

Таъкидлаш жоиз, 4 босқич якунида аввалги турнирлар орқали лицензия ололмаган энг яхши 3 гимнастикачи (бир давлатга 1 квота) Токио-2020 иштирокчисига айланади. Жаҳон кубоги рейтинги якунида 2019 йилги жаҳон чемпионати орқали йўлланма олган ва лицензия олмаган мамлакатнинг иккинчи ўринда турган вакиллари кучли учлик ҳисобида юритилмайди.

Регламентга кўра, 16-17 апрель кунлари фақат саралаш баҳслари, 18 апрель санасида эса барча йўналишларда финал баҳслари бўлиб ўтади. Тантанали очилиш маросими эртага соат 19:30 да мусобақага мезбонлик қилувчи пойтахтимиздаги «Универсал» гимнастика саройида бўлиб ўтади.

Ҳозирда Софияда ўтган мусобақа якуни бўйича Сабина Ташкенбаева тўққизинчи, Екатерина Фетисова 16-поғонада турибди. Умид қиламизки, гимнастикачиларимиз Тошкент турнири орқали Токио Олимпиадаси йўлидa ўз ўринларини янада мустаҳкамлаб олишади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси гимнастикачи қизларимизга мусобақада омад ва зафарлар тилаб қолади.

Text to speech