Ру En O'z
4 Февраль 2022 2590

Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларига расман старт берилди

Пекиндаги "Қуш уяси" номли Миллий стадионда XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳозиргина тадбир якунланиб, мусобақа машъаласи ёқилди ва Ўйинларга расман старт берилди.

Бу йилги Ўйинларда дунёнинг 91 мамлакатидан 2871 атлет иштирок этмоқда. Маросим доирасида ўтган тантанали маршда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини XXIV қишки Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчимиз Комилжон Тўхтаев кўтариб чиқди.

Маросим давомида ХОҚ президенти Томас Бах сўз олиб, бутун дунёдан ташриф буюрган мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Шундан сўнг маросимнинг бадиий қисми ва Олимпия машъаласини ёқиш жараёни бўлиб ўтди. Ундан сўнг стадион узра ташкил қилинган мушакбозлик тадбирнинг мантиқий якуни бўлди. Эътиборлиси, бу билан Пекин ҳам қишки, ҳам ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилган дунёдаги дастлабки шаҳарга айланди.

Шу тариқа, узоқ кутилган тадбир юқори нотада ўз якунига етди. Эртадан атлетлар медаллар учун курашни бошлашади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу Ўйинларда иштирок этадиган ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаевга омад ва зафарлар тилаб қолади!

Text to speech