Ру En O'z
3 Февраль 2022 2450

Спортчиларимизни мусобақаларга тайёрлашда янгича ёндашув муҳокама қилинди

Спортчиларнинг йирик мусобақаларда қўлга киритадиган муваффақиятида уларга кўрсатиладиган тиббий хизматнинг алоҳида ўрни бор. Шу боис мазкур йўналишга бўлган эътибор ҳамиша долзарблигини йўқотмайди. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов раҳбарлигида Қўмита қошида ташкил этилган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази вакиллари билан спорт генетикаси ва физиологияси бўйича учрашув бўлиб ўтди. Унда МОҚ мутасаддилари ва Абдушукур Садиков бошчилигидаги Марказ шифокорлари иштирок этишди.

Учрашув мавзуси “Молекуляр-генетик тадқиқотлар ва уларни спортдаги роли”га бағишланди. Унда спортчиларни Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрлашнинг чуқур илмий асосланган тизимини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ этиш учун Марказ шифокорлари, спортчи ва мураббийларни кенг жалб этиш борасида фикрлар алмашилди. Хусусан, Марказ илмий-тадқиқот ва клиник лабораторияси ва функционал диагностика бўлимлари мутахассислари томонидан спортчиларда молекуляр генетик ва функционал тадқиқотларни изчил йўлга қўйиш, унинг хулосалари ва чуқурлаштирилган тиббий текширув натижалари асосида спортчиларни мусобақаларга тайёрлашда янгича ёндашиш кераклиги таъкидланди.

Суҳбат давомида МОҚ раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб бунинг учун марказдаги инновацион техникалардан максимал даражала фойдаланиш, уларнинг имкониятини тўлиқ ишга солиш бўйича қўшимча кўрсатма берди.

Text to speech