Элдор Шомуродов: “Асосий мақсад тартибли ўйин намойиш этиб, ғалабага эришиш”

Футбол бўйича жаҳон чемпионатининг 3-туридан ўрин олган Конго ДР ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан аввал жамоа бош мураббийлари ва сардорлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Фабио Каннаваро ҳамда Элдор Шомуродов қуйидаги фикрларни билдириб ўтишди:

Фабио Каннаваро:
“Конго ҳам жуда ажойиб жамоа, тажрибага эга, жисмоний яхши шаклланган жамоа. Бироқ биз уларни ютиш учун ҳаракат қиламиз. Эртага ўйин бошқача бўлади, чунки биз иккита энг юқори даражадаги рақиблар билан ўйнаб бўлдик. Охирги ўйин ҳам осон кечмади, уни таҳлил қилдик.

Биринчи баҳсда Юсупов яхши ўйин кўрсатди. Биз шунчаки бошқа дарвозабонимизга ҳам имконият беришни хоҳладик. Бизда юқори даражадаги 3 та дарвозабонимиз бор.

Мен барчага имконият беришга ҳаракат қиляпман, чунки бу жуда ҳам муҳим тажриба ҳисобланади.

Биз Жаҳон чемпионатида жуда кўп нарсани ўрганмоқдамиз. Биз бу турнирда жамоа сифатида ўсишимиз мумкин. Чунки юқори даражадаги рақибларга қарши ўйнаб келдик. Эртанги баҳс ҳам бизни ривожланишимизга хизмат қилади. Мен илк кунларданоқ футболчиларга нисбатан босимни йўқотишга ҳаракат қилганман. Қуръадан кейин ҳам босимсиз ўйнаш кераклигини айтдим. Эртага қўлимиздан келган барча имкониятни амалга ошириб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”.

Элдор Шомуродов:

“Асосий мақсадимиз бизни қўллаб турган халқимизни хурсанд қилиш. Биринчи голимизни урдик, энди вазифамиз биринчи ғалабага эришиш.

Ҳимояни ҳам унутмаслигимиз керак, гол уришга интилиб орқа чизиқни унутамиз, дегани эмас. Биринчи навбатда ғалабага эришиш муҳим. Асосий мақсад тартибли ўйин намойиш этиб, ғалабага эришиш.

Мухлисларимиз куч бериб турди, нафақат стадиондаги балки Ўзбекистондаги ишқибозларимизнинг ҳам қўллаб-қувватлаб туришларини ҳис қилдик. Уларга албатта, миннатдорчилик билдирамиз ва уларни кейинги ўйинда хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз”.

Text to speech