Элдор Шомуродов: “Эртага ижобий натижа қайд этишимизга умид қиламан”

Футбол бўйича жаҳон чемпионати доирасида ўтадиган Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан аввал матбуот анжумани ташкил этилди. Унда жамоамиз бош мураббийси Фабио Каннаваро ва сардор Элдор Шомуродов қатнашиб, ОАВ вакилларининг қизиқтирган саволларига жавоб беришди. Жамоамиз вакиллари тўхталиб ўтган асосий мавзулар:

Фабио Каннаваро:
— Бу биз учун илк Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Эртага барча мухлисларимиз бизни томоша қилади, барча футболчиларимиз эртанги ўйинга тайёр. Албатта, Ҳусанов муҳим ҳимоячиларимиздан биттаси. У ҳали янада юқори даражага чиқиш имконияти бор. У айни пайтда ҳам юқори даражада ўйинлар кўрсатиб келмоқда. Ўйлайманки, бу ерда энг яхши фазилатларимизни, ўзбекларнинг менталитетини намойиш қилишга келганмиз. Мен жамоа билан ишлаганимда ўз тажрибамни улашишга ҳаракат қилдим. Чунки мен ҳам қачонлардир илк бор жаҳон чемпионатида дебют қилганман ва ўз тажрибаларимни етказиб боряпман.

Колумбия ва Португалия каби жамоалар юқори даражадаги ўйин намойиш этишади. Уларнинг таркибида кучли футболчилар бор. Уларга қарши ўйинда эҳтиёткорлик билан ўйнаймиз. Бироқ Колумбияда нафақат Хамес, балки кўплаб яхши даражадаги футболчилари бор.

Колумбияни таҳлил қилдик, охиригача ўйнайдиган жамоа. Биз ҳам ўз имкониятимизни намойиш этиш учун майдонга тушамиз.

ЎФА академияларга, инфратузилмаларга жуда ҳам кўп эътибор қаратмоқда. Мамлакатда футбол ривожланиб боряпти. Бу Ўзбекистон учун илк жаҳон чемпионати. Мен унда жамоанинг бош мураббийси сифатида иштирок этаётганимдан хурсандман.

Элдор Шомуродов:
— Ҳаммани кайфияти аъло даражада, илк бор Жаҳон чемпионатида қатнашяпмиз. Ҳаяжон бор, лекин ҳеч қандай босим йўқ. Барча футболчиларимиз ушбу ўйинни интиқлик билан кутяпти.

Албатта узоқ кутилган Жаҳон чемпионатида терма жамоа сардори сифатида қатнашиш мен учун катта ғурур. Эртага ижобий натижа қайд этишимизга умид қиламан. Халқимиздан эса бизни қўллаб-қувватлашини сўраб қоламан. Бизда босим йўқ, эртага биз жамоамиз билан биргаликда тўлиқ тайёр бўламиз.

Text to speech