Аичи-Нагоя-2026 Осиё ва Пара Осиё ўйинлари олдидан матбуот анжумани ўтказилди

Бугун пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясининг бўлажак Аичи-Нагоя-2026 Осиё ва Пара Осиё ўйинларидаги иштирокига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Ҳикмат Тошматов, пара енгил атлетика бўйича Париж-2024 Паралимпиадаси чемпиони Ёрқинбек Одилов, спортчилар, спорт жамоатчилиги вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Ўзбекистон терма жамоаси жорий Осиё ўйинларида 42 та спорт тури бўйича иштирок этади. Шундан 36 таси Олимпия дастуридан ўрин олган. Спортчиларимиз илк бор соҳил волейболи, волейбол, елканли спорт, сквош ва ММА каби спорт турларида дебют қилади.

Шунингдек, атлетларимиз қитъамиз спортидаги йилнинг бош стартига жиддий тайёргарлик кўргани ва билдирилган ишончни оқлаш учун бор имкониятларини ишга солиши қайд этилди.

Қуйида матбуот анжуманида янграган асосий саволлар ва уларга берилган жавобларни келтирамиз.

Япония иссиқ ва нам иқлими билан ажралиб туради. Спортчиларимизнинг қулай иштироки учун қандай шароитлар яратилган?
— Аввало шуни айтмоқчиманки, бу шунчаки иқлим шароити. Ҳақиқий спортчи учун енгиб бўлмайдиган тўсиқлар мавжуд эмас. Об-ҳаво, унинг иссиқ ёки совуқлиги баҳона, холос. Шароит биз учун ҳам, рақибларимиз учун ҳам бир хил. Ўзбекистонлик спортчилар жуда чидамли ва шароитга тез мослаша олади. Таъкидлаш жоизки, атлетларимиз учун барча зарур шароитлар яратилган.
(Ш. Маҳмудов)

Спорт турларимиз уч гуруҳга бўлинган: устувор, истиқболли ва ривожланаётган йўналишлар. Жорий ўйинларда медаллар бўйича қандай прогнозлар кутилмоқда?
— Ҳозирги вақтда ушбу уч гуруҳ вакилларининг имкониятлари тенг, чунки давлат томонидан барча спорт турларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилган. Бўлажак ўйинларда барча йўналиш вакилларидан натижа кутамиз. Ҳар бир спортчимиз медаль қўлга киритиш имкониятига эга.
(Ш. Маҳмудов)

— Пара Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берсангиз.
— Пара Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида пара атлетларимиз учун ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди. Аичи-Нагоя-2026 мусобақаларида вакилларимиз 11 та спорт тури бўйича иштирок этишади. Шундан учтаси мамлакатимиз учун янги йўналиш — пара қиличбозлик, пара камондан отиш ва босча. Бугунги кунда ушбу спорт турлари фаол ривожланмоқда. Умид қиламизки, Пара Осиё ўйинларида муносиб натижалар қайд эта оламиз.
(Ҳ. Тошматов)

Нега Осиё ўйинларида гандбол бўйича фақат аёллар терма жамоаси иштирок этади? Нима сабабдан эркаклар терма жамоаси қатнашмайди?
— Бу масалани федерация билан муҳокама қилдик ва шундай хулосага келдикки, шундай қарор мақсадга мувофиқ. Чунки аёллар терма жамоасининг муваффақиятли иштирок этиш имконияти эркаклар терма жамоасига қараганда юқорироқ.
(Ш. Маҳмудов)

Матбуот анжумани давомида спикерлар ушбу ва бошқа мавзуларга оид саволларга батафсил жавоб берди.

Text to speech