Ру En O'z

Элшод Расулов: “Осиё чемпионатига ҳар томонлама тайёр бўлган боксчини танлаб оламиз”

30 октябрь – 12 ноябрь кунлари Иорданияда бокс бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари мазкур нуфузли мусобақага қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Мусобақада сўнгги пайтда улкан ютуқларга эришаётган боксчи қизларимиздан ҳам умид катта. Бу борада терма жамоа бош мураббийи Элшод Расуловнинг муҳим старт олдидан фикрлари билан ўртоқлашамиз:

– Осиё чемпионатига тайёргарлик қандай ўтмоқда?
– Иорданияда ўтказиладиган қитъа биринчилигига тайёргарлик яхши давом этмоқда. Айни пайтда тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб боряпмиз. Ўқув-машғулот йиғини пойтахтимизда, Ўзбекистон бокс федерацияси базасида ўтказилмоқда.

– Иорданияга борадиган якуний таркибни аниқлаб олдингизми?
– Ҳозирча якуний таркиб аниқ эмас. Қитъа биринчилигида 10 та вазн тоифасида иштирок этамиз. -81 кг ҳамда +81 кг вазн тоифасидаги қизларимиз баъзи сабабларга кўра мусобақада қатнашишмайди. -48, -50, -52, -54, -57, -60, -63, -66, -70, -75 кг вазн тоифаларида боксчи қизларимиз Осиё чемпионатида медаллар учун курашишади.

– Таркиб нима асосида шакллантирилади?
– Асосий таркибда 20 нафар қизимиз бор. Улар ўз вазнларида Ўзбекистонда 1 ва 2-рақамли боксчи ҳисобланишади. Тайёргарликдан қайси спортчиларимиз муваффақиятли ўтса, ким руҳан ва жисмонан тайёр бўлса, мураббийлар штаби билан биргаликда айнан ўшаларни чемпионатга танлаб оламиз.

– Асосий рақиб сифатида қайси мамлакат боксчилари кутилмоқда? Хитой ҳам катта танаффусдан сўнг Осиё чемпионатида қатнашиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
– Яхши биласиз, Осиёда аёллар боксчи яхшигина ривожланган ва кучли жамоалар кўп. Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Япония, Корея, Таиланд, Хитой Таипейи каби мамлакат қизлари биз учун асосий рақиб ҳисобланишади.

Text to speech