Ру En O'z

Руслан Мустаев: “Гимнастикачиларимиз – кўплаб чиғириқлардан ўтган иқтидор эгалари”

15-17 апрель кунлари Тошкент бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичига мезбонлик қилди. Мусобақада яккалик ва гуруҳ машқлари бўйича ҳам кўпкураш, ҳам алоҳида дастурларда медаллар жамланмаси ўйналди. Мураккаб турнирдаги қизларимиз иштироки мутахассислар нигоҳида қандай таассурот қолдирди? Бу ҳақида Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро гимнастика федерацияси консули Руслан Мустаев билан тайёрланган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

– Гимнастикачиларимиз жуда яхши натижа кўрсатишди. Қизларимиз Ўзбекистон тарихида илк бор Жаҳон кубоги босқичида 7 та медаль қўлга киритди, шундан 4 таси олтинлиги қувончимизни янада оширади. Албатта, бунинг ортида мураббийлар штаби ва спортчиларнинг улкан меҳнати турибди. Ўтган йилдан буён катталар ўртасидаги баҳсларда қатнашаётган Тахмина Икромова кўпкураш, ҳалқа ва булава билан машқ бажаришда тенгсиз деб топилди. Шунингдек, тасма билан бажарилган машқ якунида бронза медалига ҳам эга чиқди. Умумий ҳисобда 4 та медаль қўлга киритган вакиламиз бир неча тажрибали спортчиларни ортда қолдирди. Халқаро майдонда дебют қилган жамоамизнинг гуруҳ машқларидаги мутлақо янги таркиби ҳам бизни олтин ва кумуш медаллар билан хурсанд қилди. Бу келажак учун жуда катта умидларни тақдим этади! Менимча, ўзбек гимнастикачиларининг чиқиши жуда муносиб бўлди.

– Сабина Ташкенбаеванинг иштироки ҳақида нима дея оласиз?

– Сабина табиатан жангчи характерига эга. Ҳа, жаҳон кубогининг сўнгги босқичи натижаларига кўра у шоҳсупага кўтара олмади, боиси у хатоларга йўл қўйди. Ҳаяжон ва тайёргарлик жараёнидаги камчиликлар таъсир қилган бўлиши мумкин. Умуман олганда, спортда ҳамма нарса бўлади, юқорилаш ва пасайиш, ғалаба ва мағлубият... Аммо Ташкенбаева муваффақиятсизликлардан кейин тушкунликка тушиб қолмаслиги ва иродали қиз эканини бир неча бор исботлади. Ўйлайманки, энди у ўз иштирокини таҳлил қилади, хулоса чиқаради, ўз устида ишлашда давом этади ва мақсадига эришади. Ва биз, ҳар доимгидек, уни қўллаб-қувватлаймиз.

– Жаҳон кубогидаги натижалар қизларимизни қанчалик руҳлантирди?

– Шубҳасиз, муваффақият доимо илҳомлантиради, бу спортчилар учун жуда муҳим. Қизлар ҳозир жуда ғайратли, аммо ўз вақтида “ерга тушиш” жуда муҳимдир. Ғалабалар ўтмишда қолади ва олдинда янги марралар ва улар учун муносиб тайёргарлик керак. Ютуқлар бевосита спортчиларнинг характери ва ҳиссий ҳолатига боғлиқ.


– Париж-2024 Олимпиадасида гимнастикачиларимизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

– Биринчи навбатда, янги жамоанинг гуруҳ машқларидаги имкониятини кўриб чиқдик. Бизнинг гимнастикачиларимиз жуда истеъдодли ва уларнинг олдида қийин вазифа турибди. Зеро, терма жамоадан жой олишга даъвогарлар кўп. Спортчиларимиз ҳар доим ва барча мусобақада ғолиб бўлиш мақсади билан яшаши лозим, бу фазилат уларга жуда ҳам зарур. Ҳозир улар лицензион турнирларга қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Унгача эса бир қанча муҳим турнирлар, жумладан, лицензияга даъвогарларни аниқлаб бериши кутилаётган Осиё чемпионати ҳам бор. Гимнастикачиларни тайёрлаш устида мураббийлар, шифокорлар, физиотерапевтлар, психологлар, хореографлардан иборат катта жамоа ишламоқда. Париж учун таркибни танлаш жуда мураккаб, олдимизда бир неча босқичлар бор. Айтганимдек, гимнастикачиларимиз шу йилнинг кузида Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтадиган лицензион жаҳон чемпионатида иштирок этади. Вакилаларимиз дунёнинг энг кучли спортчилари билан беллашишига тўғри келади.

– Миллий терма жамоамизни олдинда яна қандай мусобақалар кутмоқда?

– Тошкентдаги Жаҳон кубоги баҳслари якунлангач, спортчиларимиз дарҳол Озарбайжонда ўтган навбатдаги босқичига йўл олишди. Энди Песаро (Италия) шаҳрида ушбу сериянинг якуний босқичи бўлиб ўтади. Июнь ойида Паттайя (Таиланд) ташкил этиладиган Осиё чемпионатида иштирок этамиз. Албатта, биз Туркияда бўлиб ўтадиган V Ислом бирдамлик ўйинлари ва Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида ҳам қатнашиш режамиз бор. Бу ўйинларда гимнастикачилар мусобақа тарихида биринчи марта гуруҳ машқларида иштирок этадилар. Авваллари спортчилар фақат индивидуал машқларда қатнашарди. Шунингдек, Болгарияда ўтадиган лицензион жаҳон чемпионати ҳам жуда муҳим.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech