Янгиликлар 2018 йил
14.02.2018 18:44:00

"Turkish Open". Шокин ва Турсунқуловада олтин, Динора эса бронза медалини қўлга киритди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида таэквондо бўйича нуфузли халқаро турнир ўтказилаётгани ҳақида хабар қилгандик. 

Кеча Никита Рафалович -74 кг вазн тоифасида финалгача етиб бориб, кумуш медаль соҳибига айланганди. Бугун ўтказилган баҳсларда эса вакилларимиз бизга медаллар шодасини тақдим этдилар. 

Эркаклар ўртасида Дмитрий шокин барча рақибларини мағлубиятга учратиб, мусобақа ғолибига айланди. +87кг вазн тоифасида жангларда иштирок этган Шокин аввалига германиялик Чем Унлусойни, чорак финалда мезбон спортчи Окай Дузтепени, ярим финалда Македония вакили Деян Гергевскини, ҳал қилувчи финал жангида эса Вердан Голецни мағлубиятга учратиб, мусобақа ғолибига айланди.


Қизлар ўртасида -67 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Нигора Турсунқулова илк жангида франциялик Лиза Бернейбни, кейин эса Туркия терма жамоаси спортчиси Хачер Оргарунни, ярим финалда россиялик Юлия Миюц, ҳал қилувчи жангда бошқа бир мезбон таэквондочи Мервенур Евчини мағлубиятга учратди. 

-53 кг вазнли ҳамюртимиз Динора Мамадибрагимова аввалига россиялик Анастасия Пучкони, иккинчи жангида бошқа бир россиялик Диана Цараева, чорак финалда мезбон спортчи Зеҳра Досучукурдан устун келди. Ярим финалда эса хорватиялик Дора Маричга имкониятни бой берган Динора якунда Туркиядан бронза медали билан қайтадиган бўлди.


Шу тариқа, таэквондочиларимиз "Turkish Open" мусобақасида умумий ҳисобда 2та олтин, 1та кумуш ва 1та бронза медалини қўлга киритди.