Янгиликлар 2017 йил
26.12.2017 14:52:00

Ўзбекистонлик чавандоз III ўсмирлар Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритди

Мамлакатимиз от спорти тарихида илк бор терма жамоамиз аъзоси ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган бўлди. Яъни, 2018 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳри мезбонлик қиладиган III ўсмирлар Олимпиадасида ҳамюртимиз Абдушукур Собиржонов юртимиз шарафини ҳимоя қилади. 


Таъкидлаш керак, мазкур нуфузли мусобақага номзодлар Сиртқи Жаҳон кубоги – Челлендж мусобақаларидаги иштироки ва юқори кўрсаткичлари асосида танланади. Бу йилги Челленж мусобақаларининг Эрон, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Қатар, Сурия, Бирлашган Араб Амирлиги, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон каби тўққиз давлатдан иборат олтинчи рейтинг зонасида жами 78 нафар чавандоз иштирок этди. Олимпия ўйинлари лицензияси учун бўлган жиддий ва мураккаб баҳслар давомида ҳар бир чавандоз ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш қилишга ҳаракат қилди. 


Эслатиб ўтамиз, ҳар бир мамлакат Челлендж мусобқалари натижаларини Халқаро От спорти федерацияси (FEI) га жўнатади ва ана шу натижалар асосида Олимпиада қатнашчилари аниқланади. Экспертлар чавандозларнинг юқори кўрсаткичларига катта эътибор қаратишади. Тўққиз мамлакат чавандозлари орасида бўлиб ўтган беллашувлар давомида Абдушукур Собиржонов маррага 63.04 сонияда, ҳеч қандай жарима бали олмасдан етиб келди ва ғолибликни қўлга киритди. 


Яна шуни фахр билан қайд этиш керак, ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиада баҳсларида ёш чавандозимиз мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилиш билан бирга Осиё минатақаси терма жамоаси таркибида ҳам беллашувларда иштирок этади. 


Маълумот учун, Абдушукур Собиржонов 2002 йил туғилган. От спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича бир неча карра Ўзбекистон чемпиони, бир неча бор тўсиқлардан от сакратиш  бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигаси чемпиони бўлган. Эслатиб ўтамиз, III ўсмирлар Олимпия ўйинлари 2018 йилнинг 6 - 18 октябрь кунлари Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтади.